
2026 йил 19-октябрь куни Тошкент шаҳрида Марказий банк ташаббуси билан “Ойдин гурунглар – 2026” халқаро форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбек тили байрами муносабати билан илм-фан, адабиёт, санъат ва маърифат соҳаси вакиллари, тижорат банклари ҳамда ҳамкор ташкилотларни бир жойга жамлаган тадбир катта тантанага айланди.

Мазкур форумда МКБАНК молиявий кўмагида ва “Ижод нашр” нашриёти билан ҳамкорликда чоп этилган “Чиғаноқ” лойиҳасининг 10 та китоби тақдим этилди. Шунингдек, кейинги ишлар – яна 20 нафар ижодкорнинг китобларини нашр этишга тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилди.
Форум доирасида китоблар ва маърифий лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, маърифий лойиҳаларни амалга ошириш ва ривожлантиришга ҳисса қўшган тижорат банклари ҳамда ташкилотлар вакиллари тақдирланди.
Форум дастуридан Марказий банк ташаббуси билан амалга оширилаётган “Молиявий билимлар” лойиҳа тақдимоти, шунингдек, молиявий билимларни оммалаштириш ва рақамли хавфсизлик масалаларини ёритишга қаратилган “Даромад Киберовчига қарши” комикси тақдим этилди.
Тадбир давомида “Маҳалла кутубхонаси” лойиҳаси ва “Bitik.online” рақамли платформаси ҳам тақдим этилди. Мазкур ташаббуслар китобхонлик маданиятини ривожлантириш, маърифий муҳитни кенгайтириш ва билим манбаларидан фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган.
“Ойдин гурунглар – 2026” халқаро ижодий форуми 22–25-октябрь кунлари Хива шаҳрида давом этади.



















