
Микрокредитбанк тизимида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш алоҳида эътибор қаратиладиган йўналишлардан бири ҳисобланади. Банк тизимида меҳнат фоалиятини олиб бораётган мутахассислар ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганлигини чуқур англаган ҳолда, уларда кўтарилган масалаларни эътибордан четда қолдирмасликка, ўрганиш ишлари натижалари билан уларни фуқаролар фойдасига ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда.
Мисол учун 2026 йилнинг ўтган саккиз ой мобайнида банкка юқори инстанциялар орқали ҳамда тўғридан-тўғри жами 3 461 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 458 тасини (13,2 фоизи) юридик шахслар, 3 003 тасини (86,8 фоизи) жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Ушбу мурожаатларнинг 3 057 таси белгиланган муддатидан олдин, 404 дан ортиқ мурожаат белгиланган муддатда кўриб чиқилди.

Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан юборилаётган мурожаатлар сабаблари ўрганилиб, ҳар бир йўналишлар бўйича қатъий чоралар кўрилиши ҳамда таҳлил қилиб борилиши натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан давлат дастурлари, ипотека, таълим, микроқарз ажратиш (74 тага), тижорат кредити ажратиш (60 тага), оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги мурожаатлар эса (148 тага камайди.

Банк Бошқарувининг ҳар ой якуни бўйича қарорларида банкнинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаатлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, мурожаат тушган кундан бошлаб ижросига тезкор киришиш, банкка мурожаат қилиб келган фуқароларнинг масалаларини жойида ҳал этиш борасида зарурий топшириқлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Буни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатлар сони камайгани ҳам исботлаб турибди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика бўйича Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 657 тага камайган.
Шу билан бирга соҳада қилинадиган ишларимиз талайгина. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳисобот даврида энг кўп мурожаатлар, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари ҳиссасига тўғри келган.
Албатта, мурожаатлар тушаётган ҳудудлар кесимида маълумотлар таҳлил қилиниб, масаланинг келиб чиқиш негизлари ҳам ўрганиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, банкка тўғридан-тўғри келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш, тизимли камчиликларни бартараф этиш билан бирга Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан «Очиқ мулоқот» ўтказиш бўйича Республика штабига келиб тушган мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

Республика штаби орқали банкка келиб тушган жами 111 та мурожаатнинг 36 таси ижобий ҳал этилди, 75 тасига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Республика штабига келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида оператив кўриб чиқиш, мурожаат келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар, тизимли камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ва мурожаатларга тезкор жавоб бериш мақсадида 7 та таркибий бўлинмаларга 50 та тавсия хатлари тақдим этилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар иштирокида 184 та сайёр қабуллар ташкил этилиб, 1,5 мингга яқин аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур сайёр қабуллар давомида 1375 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, шундан 1188 нафарига 37,5 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган бўлса, 119 нафар мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Шунингдек, банк Бошқаруви томонидан ҳудудларда тадбиркорлар билан 63 та учрашув ва очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Мазкур учрашувларда тушган 635 та мурожаатнинг 625 таси ижобий ҳал этилди.
Бир сўз билан айтганда, Микрокредитбанк тизимида аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими янги босқичга чиқмоқда. Зеро, ҳар бир мурожаат замирида инсон манфаати бор, уни таъминлаш эса ҳар биримизнинг вазифамизга киради.
Обиджон Раҳматов,
«Микрокредитбанк» АТБ Мурожаатлар
билан ишлаш бошқармаси бошлиғи.



















